Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси Денис Истомин Хитой пойтахти Пекин шаҳрида асосий тўр баҳслари старт олган йирик теннис турнирининг асосий тўр илк босқичидаёқ мағлубият аламини тотиб кўрди.

Умумий мукофот жамғармаси 3 миллион 944 минг 715 доллардан иборат мусобақанинг саралаш баҳсларида у австралиялик Люк Савиллни 6:4, 6:2, мезбон теннисчи Жанг Зини 3:6, 6:3, 6:2 ҳисобида таслим этганди.

Лекин Истомин мусобақага имтиёзли равишда қўйилган хитойлик Зе Жангга қарши кечган ўйинда 3:6, 6:1, 3:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бу ҳақда "Оламспорт.сом" хабар берган.

Таққослаш учун, хитойлик ушбу теннисчи дунё рейтингида 216-ўринни эгаллаб турибди. Истомин эса 70-поғонадан жой олган.

Агар Денис Жангнинг тўсиғидан муваффақиятли ўтиб олганида, иккинчи босқичда сайёрамизнинг биринчи ракеткаси сербиялик Новак Жоковичга қарши кортга чиқиши мумкин эди. Жокович илк босқичда италиялик Симоне Болелли билан ҳисоб-китоб қилади.