Италияликлар дунёдаги энг улкан тортни пиширишди

Жаҳон 05 Октябрь 2015 4535

Италияда дунёдаги энг йирик торт сифатида тан олинган ширинлик тайёрланди. Бу ҳақда The Local нашри хабар берган.

Ушбу тортнинг вазни 1 тоннадан ортиқни ташкил этган. Тортнинг узунлиги 16,46 метр, эни эса 13,94 метрга тенг бўлган.

Ушбу улкан ширинликни тайёрлаш мақсадида Италия торт дизайнерлари уюшмаси аъзоси бўлган 300 нафар пазанда иш олиб борган. Ушбу пишириқ 4 октябрь куни Миландаги савдо ярмаркаси пайтида намойиш этилган.

Гиннес Рекордлар китоби бўйича қўмита вакили бўлмиш ҳакам Лоренцо Вельтри ушбу тортни дунёда шу вақтгача пиширилган тортларнинг энг йириги сифатида тан олган ва уни рекордлар китобида қайд этган.

Шундан сўнг, кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар бу тортни 12 минг бўлакка бўлган ҳолда истеъмол қилишган.

Ушбу торт сатҳида Европанинг жанубий қисми харитаси тасвирланган ва унда Италия харитаси яшил ранглар билан алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Қайд этилишича, бу торт 2014 йилнинг ноябрида Лондонда пиширилган улкан торт ўрнатган рекордни янгилади.

Бундан олдинроқ, италиялик пазандалар дунёдаги энг улкан пиццани тайёрлаган ҳолда рекорд ўрнатишганди.

Кўпроқ янгиликлар