Жанубий Корея ҳукумати ядровий реакторларни фойдаланишдан чиқариш технологиясини ривожлантириш учун 2030 йилгача 520 млн доллар сарфлайди, деб хабар бермоқда Рёнхап ахборот агентлиги.

"Кўк океан" деб ном олган технология жаҳон бозорига чиқиш ва Пусан шаҳри яқинидаги Жанубий Кореядаги энг эски Кори-1 реакторини демонтаж қилиш учун талаб этилади.

Корея Республикасининг фан ва инновациялар вазирлиги 2021 йилгача 17 та муҳим технологик секторда ишланмалар олиб бориш учун 129 млн доллар, саноат вазирлиги 60,2 млн доллар сарфламоқчи. Яна 129 млн доллар ядровий объектларни фойдаланишдан чиқариш бўйича тадқиқот марказини қуриш ва 43 млн доллар радиоактив нурланиш шароитларида ишларни олиб боришга мўлжалланган роботни яратиш учун ишлатилади.

Рёнхап маълумотларига кўра, Жанубий Корея бундай технологиялар бозорини дунёда фойдаланишдан чиқарилиши керак бўлган 588 та реакторни ҳисобга олган ҳолда 378,7 млрд долларга баҳоламоқда.