Twitter микроблоглар хизмати асосчиларидан бири Жек Дорси доимий асосда Twitter Inc. компаниясининг бош директори этиб тайинланди. Бунгача Дорси (жорий йилнинг июнидан, Дик Костоло истеъфога кетгандан кейин) компанияни "вақтинчалик бош директор" мақомида бошқараётган эди.

Дорси, шунингдек, Square тўлов стартапи раҳбари лавозимини ҳам сақлаб қолади. У бу стартапга Twitter’дан кетгандан кейин раҳбарлик қилган. Twitter бошқаруви ўз эътиборини битта компанияга қаратадиган бош директорни топиш истагини билдирган, бироқ кўринишича муносиб номзод топилмаганга ўхшайди.

Йирик корпорацияларда бир вақтда иккита компанияга бошчилик қилувчи раҳбарнинг ишлаши камдан-кам учрайдиган ҳолатдир. Чунки бунда муқаррар равишда Дорси ўз ишини қанчалик самарали уддалай олаётгани ҳақида саволлар туғилаверади.

Шу билан бирга хизматнинг нуфузли акциядорлари анчадан бери унга Дорси бошчилик қилишини талаб қилишаётган эди. Уларнинг айтишича, Twitter’да тақдим қилинаётган хизмат борасида ундан бошқа ҳеч ким унчалик чуқур тушунчага ва унинг истиқболларини кўра билиш қобилиятига эга эмас.

Дорси компания раҳбариятида биринчи ўрин алмаштиришлар бўлишини маълум қилди.