“Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури асосида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ёши улуғ инсонларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган Nuroniy.uz интернет-портали ишга туширилди.

Вазирлик ахборот хизмати хабар қилишича, ушбу портал юртимиздаги кекса авлод вакилларига турмуш тарзининг турли жабҳаларига оид саволларига жавоб топишлари мумкин бўлган муҳим ахборот манбаи ҳисобланади.

“Электрон ҳукумат” ахборот тизими таркибида фаолият кўрсатувчи, кекса ёшли интернет фойдаланувчиларини ҳукумат томонидан кексаларга яратиб берилаётган имкониятлар, имтиёз ва қулайликларга оид маълумотлар, янгилик ва хабарлардан бохабар қилади, кекса инсонларга зарур интерактив хизматлардан фойдаланиш, ахборот технологиялари бўйича билимларини мустаҳкамлаб бориш имкониятини беради.

Айни кунларда порталга кекса инсонлар учун зарур ва фойдали ҳисобланган, турли имтиёз ва қулайликлар, пенсия ва ижтимоий қулайликларга оид янгиликларни, фойдали маслаҳат ва тавсиялар берувчи материалларни жойлаштириш ва уларни тизимли янгилаб бориш, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашишга ёрдам берувчи ижтимоий тармоқни ишга тушириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда портал фаолияти такомиллаштирилмоқда.

Мазкур лойиҳа UZINFOCOM компютер ва ахборот технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизиминин ривожлантириш марказлари, шунингдек “Ўзбектелеком” АК кўмагида, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирилиги, Халқ таълими вазирлиги, “Нуроний”, “Маҳалла”, “Пенсия” жамғармалари билан ҳамкорликда амалга оширилади.