Афғонистон шимолида “Толибон” ҳаракати жангариларининг ҳужумлари давом этмоқда. Бу ҳақда Hama Press агентлиги хабар қилди. Агентлик маълумотларига кўра, экстремистлар 4 октябрь куни Фароҳ провинцияси маъмурий маркази ҳисобланган Меймене шаҳрини босиб олишга уриниб кўришди.

Шунингдек, толиблар бир неча йўналишда Қундуз шаҳрини қайта қамал қилишга ҳаракат қилди. Бироқ бу сафар Афғонистон хавфсизлик кучлари террорчиларнинг ҳужумларини бартараф этишнинг уддасидан чиққан.
Тўқнашувлар жараёнида етти нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, 23 жангари йўқ қилинди.

Шу билан бир қаторда, афғон ҳарбийлари республика шарқидаги Нангарҳор провинциясида аксилтеррор ҳаракатларини олиб боришди. У ерда етти толиб йўқ қилинди, саккиз нафари қўлга олинди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада 300 минг аҳоли истиқомат қиладиган Қундуз шаҳри “Толибон” жангарилари томонидан қўлга олинган эди.

Шаҳар афғон ҳарбийлари томонидан қайтариб олиниб, 150дан зиёд жангарилар йўқ қилинганига қарамасдан, террорчилар мамлакат шимолида кенг босқинчилик ҳужумларини олиб бормоқда. Улар афғон-тожик чегаралари яқинидаги қатор провинциялардаги бир неча туманини ўз назорати остига олишга эришди.