ИШИД, “Жабҳат ан-Нусра” ва “Жайш ал-Ярмуқ” гуруҳларининг уч мингдан зиёд жангарилари президент Башар Асад ва Россия авиацияси зарбалари натижасида Суриядан Иордания ҳудудига қочиб ўтди. Бу ҳақда 5 октябрь куни РИА “Новости” ҳарбий манбага асосланиб хабар қилди.

Ахборот манбасининг сўзларига кўра, 4 октябрь куни Дамашқ атрофидаги шаҳарлар, Дайр-аз-Зор ва Хомс провинциялари, жумладан, қадимий Пальмира шаҳарларидаги террорчиларнинг позицияларига зарбалар берилган. Дайр-аз-Зорда ҳарбийлар ИШИДга тегишли бир қатор аҳоли пунктларини қайтариб олишга ҳаракат қилган. Жанглар жараёнида 160 нафардан зиёд жангарилар йўқ қилинган. Террористлар эса ичига портловчи моддалар тўлдирилган 3 дона БМПни портлатиб юборган. Сурия армиясидан жароҳатланганлар бор.

Маълум қилинишича, ҳарбийлар Хомс провинциясидаги Пальмира шаҳри яқинида террорчиларнинг иккита колоннасини йўқ қилган ва юборилган артиллерия зарбалари натижасида 17 жангари ҳалок бўлган. Худди шу провинцияда Сурия авиацияси ва артиллерияси томонидан “Жабҳат ан-Нусра”, “Катаиб ал-Фаруқ”, “Аҳрор аш-Шом” нишонларига ҳам зарбалар берилди.

4 октябрь куни Россия авиацияси террористлар ўз пойтахти деб эълон қилган Суриянинг Ракка шаҳридаги ИШИД нишонларига зарбалар берилиши натижасида жангарилар ўз оила аъзоларини ИШИД назорати остида бўлган Ироқнинг Мосул шаҳрига эвакуация қилишни бошлаган эди.