Ўзбек олимлари автотранспорт воситаларининг давлат рақамларини аниқловчи дастурий таъминот ишлаб чиқишди

Ўзбекистон 05 Октябрь 2015 7919

«ABL-Soft&СС» масъулияти чекланган жамияти ходимлари «AutoCon ТR.uz» номли автотранспорт воситаларининг давлат рақамларини ва уларнинг тезлигини видеотасвирлар оқими орқали автоматик аниқлаш учун дастурий таъминот ишлаб чиқди.

Ушбу дастурий маҳсулот автотранспорт воситаларининг давлат рақамларини аниқлаш ва йўл ҳаракати қоидаларини бузувчиларни автоматик қайд этиш билан боғлиқ масалалар мажмуини ҳал қилиш учун мўлжалланган.

«AutoCon ТR.uz» дастури объектга йўналтирилган технологиялар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, автотранспорт воситаларининг давлат рақамлари белгиларини тутиб олиш ва унинг тасвирларини бинарлаш, рақамлар белгиларини аниқлаш, видеотасвир бўйича тезликни ўлчаш, йўлда юз берган вазиятни таҳлил қилиш ва йўл ҳаракати қоидаларини бузувчиларни аниқлаш, маълумотлар базаси билан ишлаш ва интерфейс каби асосий модуллардан таркиб топган. Ушбу дастурий таъминот транспорт оқимларини бошқаришни автоматлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат идоралари, назорат ўтказиш пунктларининг фаолиятини автоматлаштириш масалаларини ҳал қилишда муваффақиятли қўлланиши мумкин.

Муаллифлар - А.Р.Марахимов, С.С.Расулов, Ш.Х.Умаров ва А.Р.Марахимовга ушбу дастурий таъминот учун № ДГУ 03320 рақамли гувоҳнома берилди.

Кўпроқ янгиликлар