2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Қозоғистонда резина ўқ отишга мўлжалланган травматик ва газ-травматик қуроллардан фойдаланиш тақиқланади.

Тақиқланган қуролларни топширмаган фуқаролар рўйхатдан ўтгани ёки рухсат берилганидан қатъи назар, жиноий жавобгарликка тортилади, дея ёзмоқда “Караван”.

Мазкур қуролларни топшириш акцияси 2015 йил аввалидан бошланган эди. Биргина Семей полициясига шу вақтга қадар 388 тўппонча топширилди. Улар учун мукофот пули 30-150 минг тенгени ташкил этади.

Ўз-ўзини мудофаа қилиш воситаси сифатида фақатгина газ патронли тўппонча ва электрошок ускунасига рухсат берилган. Уларни олиб юриш учун эса ички ишлар органларидан тегишли рухсат олиш талаб этилади.