АҚШнинг Шимолий ва Жанубий Каролина штатлари ҳудудида давом этаётган жалалар туфайли 7 киши оламдан ўтган.

Жанубий Каролина штати губернатори Никки Хэйли бу ҳодисани "минг йилдан бери кузатилмаган" табиий офат деб атаган.

Синоптиклар эса Конгари дарёсининг бундай даражада тошиши охирги марта 1936 йилда кузатилгани ҳақида айтишган.

Хэйли маҳаллий аҳолини жала тўхтамагунича ўз уйларини тарк этмасликка чақирган ва қутқарувчилардан ўз ишларини амалга оширишда эҳтиёткор ҳамда масъулиятли бўлишга чақирган.

Бундан олдинроқ, мамлакат президенти Барак Обама кучли сув тошқинлари туфайли Жанубий Каролина штатда фавқулодда ҳолат эълон қилганди.