Аввал хабар қилганимиздек, айни кунларда муқаддас ҳаж амалларини бажарган ўзбекистонлик ҳожилар Жидда-Тошкент, Жидда-Самарқанд, Жидда-Бухоро, Жидда-Термиз, Жидда-Урганч йўналишлари бўйича юртимизга жўнаб кетишмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан уларни меҳмонхонадан кузатиш, тартиб билан автобусларга чиқариш, Жидда аэропортида кутиб олиб, самолётларга жойлаштириш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Ҳожиларимиз истиқомат қилиб турган Макка шаҳридаги “Аброж ал-Муҳаммадия” меҳмонхонасидан Жидда аэропортигача бўлган масофа 1-1,5 соатлик йўл эканини инобатга олиб, уларни манзилга етказиш учун махсус автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Йўл давомида уларга сафар учун мўлжалланган озиқ-овқат ва ичимликлар тарқатилмоқда.


Куни кеча Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари ҳожилари Ватанимизга қайтдилар. Улар томонидан сафар якуни юзасидан Дин ишлари бўйича қўмита раҳбариятига миннатдорчилик мактублари йўлланган. Хатларда қуйидагича мисралар мавжуд:
Сурхондарё вилояти ҳожилари номидан Б.Ҳусанов, А.Қурбонов, Ҳ.Буронов, Ў.Юсупов, Х.Бобомуродов, Қ.Сатторов ва бошқалар: “Ҳаж 2015 йил Ўзбекистон ҳожилари учун жуда ҳам муваффақиятли ва самарали ўтди. Ҳожиларига яхши шароитлар яратиб берилди. Биз меҳмонхонада, ошхонада, қадимий жойларни зиёрат қилишда, автобусларда ҳарамга боришда, Мино водийсида тартибни сақлашда жонбозлик кўрсатган ишчи гуруҳи аъзоларига беҳисоб раҳматлар айтамиз. Мингбоши ва элликбошилар ҳожи отахон ва онахонларни ҳаж амалларини бажаришда яқиндан ёрдам бериб, холис хизматлари билан ҳожиларни хурсанд қилдилар. Зиёратчиларга яратилган қулай шароитлар учун чексиз миннаддорчилигимизни билдирамиз. Яратган парвардигор бундай эзгу ишларнинг бошида турган муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигидаги ҳукуматимизга олиб бораётган эзгу ишларига мададкор бўлсин!”.
Сирдарё вилояти ҳожилари: “Ҳурматли ва муҳтарам юртбошимиз, биз кексаларни эъзозлаб “2015 йил - кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилганингиздан, шундай тинч ва тобора гуркираб яшнаб бораётган озод ва обод ватанда яшаётганимиз учун қалбимизда кўтаринки фахр ва ғурур туйғусини ҳис эмоқдамиз. Мустақиллик йиллари Сизнинг шарофатингиз билан биз мусулмонлар муқаддас ҳаж сафарига чиқишимиз учун кенг имкониятлар очилди.
Ушбу йил биз зиёратчиларни Мадинаи мунавварада яхши кутиб олиб, жуда чиройли хизмат кўрсатишди. Ҳаж амалларини бажараётганимизда, Ўзбекистонимиздан келган тажрибали шифокорлардан муолажалар олиб, қўли ширин ошпазларимиз тайёрлаган таомлардан роҳатландик. Бизга барча ҳаж амалларини қийналмай ва ихлос билан бажаришда ишчи гуруҳи аъзолари жуда катта амалий ёрдам берди. Гуруҳ раҳбарлари ҳаж сафарининг барча босқичида бизга бош-қош бўлдилар.
Ҳозир жонажон юртимиз далаларида деҳқонлармиз қалб қўри билан етиштирилган оқ олтин ва бошқа деҳқончиликларни йиғиб териб олиш мавсуми бошланди. Биз ҳожилар ён-атроф мамлакатларида нотинчлик ҳукм суриб турган пайтда шундай тинч-осойишта турмушимизни таъминлаб келаётган ҳукуматимизни, халқимиз ризқи-рўзини йиғиштириб олаётган деҳқонларимизни дуолар қилдик.
Биз ҳожилар ватанимизга қайтгач халқимизга, ёшлармизга қалбимиздан кечаётган фахр ва қандай юртда яшаётганимиз ҳақида дил сўзларини айтиб, жонажон Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз”.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати