Россиянинг Сурияда ҳарбий операция бошлаши билан эски муаммо яна кўтарилди, бу ҳам бўлса Суриядаги радикал гуруҳлар томонида туриб ҳарбий тўқнашувларда иштирок этаётган Ўрта Осиё вакиллари.

Турли ҳисоб-китобларга қараганда, уруш бошланганидан буён Сурияга бу минтақадан 2 минггача одам йўл олган.

Шу билан бирга, яна бир тенденция кузатилмоқда: келаётган одамларнинг бир қисми ИШИД мафкурасидан кўнгли қолиб, юртларига қайтиб кетмоқда.

Россия матбуоти мана шундай одамларнинг бир қисми берган интервьюларни эълон қилди. Ушбу ҳикояларда Суриядаги уруш даҳшатлари бор бўйича кўрсатиб берилган.

Фаррух Шарифов: Улар мусулмонларни ўлдиради

Хўжандлик 25 ёшли йигит Сурияда жангариларга аралашиб қолиб, катта қийинчиликлар билан юртига қайтиб келганини ҳикоя қилиб берди.

Унинг сўзларига қараганда, оиласи тарқалиб кетганидан сўнг бундай қарор қабул қилган. Бу ишни амалга оширишда бўлажак жангарига москвалик аллақандай қиз ёрдам берган. Сўнг Москвадан Фаррух Туркияга йўл олган, у ердан эса Сурияга ўтиб олган. У ерда янги қабул қилинган жангари Раққа шаҳрига кўчирилган. Фаррух бирга яшаб келган 30 кишилик гуруҳда биттадан тожикистонлик ва доғистонлик жангарилар бўлган.

Бир ой давомида ИШИД таркибида ҳаракат қилган Фаррух Шарифов кўрганларидан даҳшатга тушган. Айниқса жангарилар одамларни хоҳлаган пайтларида, ҳеч қандай суд ёки терговсиз қатл қилишлари ёш йигитга ёмон таъсир қилган. Бир куни унинг сафдошлари, озарбайжонлик кўнгиллилар хиёнатда айбланиб қатл қилинган. Таъкидланишича, бунинг учун биров оғзаки тарзда айблов қўйишининг ўзи етарлидир.

Одам динни ҳақорат қилганда ёки курдлар фойдасига айғоқчилик қилганда айбланиши биланоқ ўлдирилади.

“Уларни ниқобли автоматчилар номаълум томонга олиб кетади”, - таъкидлади Шарифов.
Шунингдек, тожикистонлик собиқ жиҳодчи ИШИД қароргоҳларида жинсий қуллик авж олаётганини сўзлаб берди.

“Жонга теккан аёлларни улар “биродар”ларига совға қилишади. Хотинлар эрининг ўлимидан сўнг қўлма-қўл бўлиб бораверади”.

Шу боис Фаррух Шарифов бир ойдан сўнг улкан қийинчиликлар билан Туркияга ўтиб олиб, у ердан Тожикистонга қайтиб кетди.

Қозоғистонлик собиқ жангари: Сизни у ерда ҳеч ким кутмаяпти

Номи келтирилмаган қозоғистонлик собиқ жангари Сурияга диний тарғибот таъсирида бориб қолганини айтиб берди. Унинг таъкидлашича, “буюк миссия” ҳақидаги гап-сўзлар фақат унга эмас, араб давлатларидан бирида у билан бирга ўқиётган дўстларига ҳам қаттиқ таъсир ўтказган.

Сурияда уларни ҳарбий ҳаракатларга тайёрлай бошладилар. Инструкторлар эса европаликлар ва америкаликлар эди. Орадан бир муддат олиб, янги кўнгиллилар ҳам ҳукумат қўшинларига қарши жангларга чиқарила бошланди.

Гувоҳнинг таъкидлашича, гувоҳлар Ўрта Осиёдан келганларга ёмон муносабатда бўлиб, уларни “хитойлик” деб атаб келган.

“Айрим ҳолларда биродарлар йўқолиб қоларди, етакчилар эса уларнинг Хумс ёки Гутага кетиб қолганларини айтишарди”, - эслайди гувоҳ.

“Келгиндини сотган маҳаллий аҳоли вакиллари бу пулларга болаларининг тўйини ўтказиши ёки машина сотиб олиши мумкин бўлади”, - қўшимча қилди у.

Вақти ўтиши билан йигит фикридан қайтиб, юртига қайтишга қарор қилди. У Сурияда бўлаётган воқеаларни “ғалаён ва хиёнат” деб, жангариларни эса жаҳлдор ва шафқатсиз одамлар деб баҳолади. Айни пайтда, айтилишича, жангарилар орасидаги муносабатлар ҳам жуда мураккабдир.

Маржона Аланазарова: Мен камикадзега айланаман

Кейинги қаҳрамонимизга эса юртига қайтиш насиб қилмади.
Тожикистоннинг Шаартуз туманида истиқомат қилиб келган 27 ёшли Аланазарова бир йил муқаддам уч нафар фарзанди билан Москвага кўчиб келиб, тикувчилик корхоналаридан бирига иш жойлашди. Жорий йили унинг эри ва қариндошлари Маржона болаларини холасига қолдириб, Сурияга кетганини билишди.

15 куни аёл “Одноклассники” ижтимоий тармоғи орқали эри билан боғланиб, ёрдам сўради. Унинг сўзларига қараганда, айни пайтда у жангарилар қароргоҳида сақланмоқда ва агар юртига қайтарилмаса, ҳалок бўлади.

Аланазаровага катта пул ваъда қилиб, алдов йўли билан Сурияга олиб кетишди. У билан бирга кетган аёл яқинда камикадзега айлантирилиб, ўзини портлатиб юборди. Энди Маржонанинг гали келди.

Тожикистон расмийлари, хусусан, Шаартуз прокуратураси аёлга ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини тан олди. Унинг фарзандларига эрининг қарамоғига топширилди. Эри Фаррух рафиқасининг Москвада холасиникида бир муддат яшашига рухсат берганидан қаттиқ пушаймондалигини айтди.

Жамолби Ҳамидова: Эрим қаттиқ пушаймон бўлди

Душанбелик 30 ёшли Жамолби Ҳамидова Краснодарда эри билан яшаб келаётган эди, аммо алдов туфайли Сурияга бориб қолди. Унинг сўзларига қараганда, турмуш ўртоғи Шариф Туркияга пул топиш мақсадида кетган, орадан бироз вақт ўтиб, Истанбулда яхшигина ўрнашиб олганини хабар қилиб, уни ҳам чақирган.

Аммо Туркияга келган аёл эри томонидан Суриянинг ИШИД назорати остидаги қисмига олиб чиқиб кетилди.

Ҳамидованинг таъкидлашича, жуфтлик у ерда жуда оғир шароитда яшай бошлади. Шароитнинг ноқулайлиги баробарида, ичимлик суви ҳам танқис эди. Жиҳодчиларнинг оилалари умумий хоналар ва биноларга жойлаштирилар эди.

“Аёллар хонасидан чиқиши мумкин эмас эди, - эслайди Жамолби. – Фақат зарурат бўлганида, масалан, ҳожатга, ёки овқат тайёрлашга чиқардик”.

Қишлоқ ҳаводан ўққа тутилганда аёллар битта хонага беркиниб, тинимсиз йиғи қилишарди. Улар эрларини деярли кўрмас эдилар.

“Эрим Сурияга келганидан қаттиқ пушаймон бўлди. Унинг бадани яра-чақага тўлиб кетган, оғриқдан ухлолмасди, - дейди аёл. – У пушаймонлигини, алданганлигини кўп бора такрорлади”.

Қароргоҳда ҳеч қандай дорилар бўлмагани учун Шариф даволана олмади. Шунга қарамай, араблар келиб уни зўрма-зўраки олиб кетдилар. Икки ҳафтадан кейин унинг ўлими қайд қилинган фотосуратлар Жамолбига кўрсатилди.

Эри ўлган аёл, маҳаллий қоидага кўра, бошқа жангарига унаштириб берилди. Шу тариқа аёл мутлақо нотаниш эркак билан яшай бошлади.

Бир ойдан сўнг Жамолби қочишга қарор қилди. Туркиялик ва чеченистонлик бир қанча аёллар билан бирга улар маҳаллий аҳоли вакилларини Туркия чегарасигача етказиб қўйишга кўндиришди.

“Мен ҳалигача бу хотиралардан азобланмоқдаман, - хулоса қилди алданган аёл. – Эрим жуда яхши ва ишонувчан инсон эди, аммо таълим олмаган эди. Уни осонликча алдаш мумкин эди. Жангарилар айнан шундай одамлардан пухта фойдаланишади”.

Элдор Асанов тайёрлади