Сергей Есениннинг таваллуд кунига бағишланади

(Сергей Есенин: Эҳтирос ва фожианинг буюк тақдирдаги акси)

3 октябрь куни буюк рус шоирининг таваллудига 120 йил тўлди. Айнан шу сана муносабати билан XABARDOR.UZ Есениннинг ҳаётига оид бўлган энг қизиқ воқеа ва суратларни тўплаб эътиборингизга ҳавола қилмоқда.

Сергей Есенин сингиллари Катя ва Шура билан 

Есениннинг таълим олиш даври

Машҳур шоир муаллим бўлиши мумкин эди: Сергей Есенин 1909 йилда Константин билим юртини аъло баҳоларга тамомлаб, кейин черков-муаллимлик мактабига ўқишга кирди, бироқ бир ярим йил таълим олгач, у ерни тарк этди, ўқитувчилик касби уни қизиқтирмас эди. 1913 йилнинг сентябрида Москва шаҳрида Есенин Шанявский номидаги халқ университетида ўқий бошлади. Университетда бир ярим йил давомида илм олиш унга етишмаётган таълимни берди. Натижада шоир мустақил равишда шуғулланиб, кўп ўқиди ва ўзининг ақлий салоҳияти билан машҳур бўлди.

Сергей Есенин ва Анна Изряднова “И.Д.Ситин жамоаси” типографияси ишчилари орасида

Москвалик илк илҳом фариштаси

Есенин Москвага келганида ўн етти ёшда эди. Уни ягона мақсади – Россиядаги энг машҳур шоир бўлишдан иборат бўлган. Бир йил ўтгач, типографияда у билан ишлайдиган Анна Изрядновани қаттиқ севиб қолди.

Анна билан қурилган никоҳ илк кунларданоқ унга хато бўлиб кўрина бошлади. Ўша пайтда уни кўпроқ карьера қизиқтирарди. У оиласини ташлаб, бахт излаш мақсадида Петроградга кетди. Изряднова ўз хотираларида уни ёдга олиб, шундай деди: “Вафотидан бир оз вақт олдин уни кўрган эдим. Хайрлашиш учун келганини айтди. Нима учун бундай деяётганини сўраганимда шундай деди: “Равона бўляпман, кетяпман, ўзимни ёмон ҳис қиляпман, ўлсам керак”. Ўғлимизни асраш ва эркалатмасликни айтди”.

Сергей ва Аннанинг фарзанди Юрийнинг тақдири фожиавий тарзда якун топди: 1937 йилнинг 13 август куни у Сталинга суиқасд уюштиришда ёрдам кўрсатганлиги айби билан отиб ўлдирилган.

Есенин ёшликдаги дўстлари билан

Есенин ўз онасига шеър мутолаа қилиб бермоқда

Мутолаа

1918 йилнинг охирларида Москвадаги очликдан ҳимояланиш мақсадида Есенин бир неча ҳафта давомида Тулада яшади. Ҳар куни кечки пайт у истиқомат қилган уйда маълумотга эга бўлган омма вакиллари йиғилишар, Есенин эса уларга шеърларини ёддан, таъсирли ва ифодали қилиб айтиб берган.

Баъзида шоир Блокка тақлид қилар эди. Блокнинг шеърларини жиддий ва ҳурмат билан ўқиб берарди.

Зинаида Райх

Гўзал Зинаида

Машҳур актриса Зинаида Райх Есениннинг ҳаётидаги гўзал аёллардан бири бўлган. У шу даражада бетакрор эдики, шоир унинг қўлини сўради. Улар 1917 йилда турмуш қурдилар, Зинаида шоирга икки фарзанд — Татьяна ва Константинни ҳадя этди. Бироқ уч йил ўтгач, улар ажрашишди. Шоирнинг Зинаидага бағишланган энг машҳур шеъри – “Аёлга мактуб”дир.

Сергей Есенин ва имажинист Анатолий Мариенгоф

Есениннинг қўрқувлари

Сергей Есенин сифилофобия, яъни сифилис билан касалланиш қўрқувидан азият чекарди. Бу ҳақда дўсти Анатолий Мариенгоф шундай ҳикоя қилади: “Бурни устига нон увоғи ҳажмидаги яра чиқиши биланоқ у кўзгуга асабий тарзда боқар эди. Бир куни ҳатто кутубхонага даҳшатли касалликнинг аломатлари тўғрисида ўқиш учун борди...”

У милиционерлардан ҳам жуда қаттиқ қўрқар эди. Бир куни Вольф Эрлих билан Ёзги боғ ёнидан ўтиб кета туриб, Есенин эшик ёнидаги қўриқчига кўзи тушди. “У бирдан мени елкамдан ушлаб, ўзи кун ботар тарафга юзи билан турар эди, мен эса қўрқинч ҳисси билан тўлган кўзларини кўрдим. У қаттиқ нафас олар ва хансирар эди: “Эшит! Бироқ ҳеч кимга сўз очма! Мен сенга ростини айтаман! Мен милициядан қўрқаман. Тушундингми? Қўрқаман!...”, — дея хотирлайди Эрлих.

Айседора Дункан ва Есенин

Айседора 

20-йилларнинг бошида Есенин пала-партиш тарзда ҳаёт кечира бошлади: ичарди, қаҳвахоналарда жанжал кўтарар, тасодифий алоқаларга енгил қарарди. Айнан шу пайтда у америкалик раққоса Айседора Дунканни учратди. Дункан шоирдан 18 ёшга катта эди, рус тилини билмас, Есенин эса инглиз тилида гапиришни билмаган. Танишишганидан ярим йил ўтгач, улар турмуш қурдилар. Улардан қайси фамилияни танлашлари сўралганида, ҳар иккови жуфт фамилия – Дунка н-Есенин дея жавоб беришган. Никоҳ гувоҳномаси ва паспортларда ҳам шундай ёзилган. Кўчага чиқишганида “Энди мен - Дунканман” – дея бақирган эди Есенин.

Сергей Есенин ҳаётининг ушбу саҳифалари — чексиз жанжал ва урушлар билан кечган. Улар бир неча бор ажрашиб, яна қайта топишганлар ва ниҳоят “ўзаро тушунмовчилик” ни енга олмадилар.

Айседора шоир вафотидан икки йил ўтгач, ўз шарфига бўғилиб, фожиали тарзда ўлим топди.

Есенин ва Маяковский

Абадий душманлар

Сергей Есенин ва Владимир Маяковскийнинг бир-бирини ёмон кўришлари тўғрисидаги афсона ХХ аср адабиётидаги энг машҳур адабий оқимлардан биридир. Шоирлар ҳақиқатан ҳам ғоявий рақиблар бўлишган ва оммавий чиқишларда бир-бирлари тўғрисида салбий фикрлар билдиришган. Бироқ бу ўзаро истеъдодни баҳолай олишмаганлигини англатмайди. Замондошларининг фикрларига қараганда Есенин Маяковский ижоди аҳамиятини англар ва футуристлар орасида унга бўлган ҳурмати баланд эди. 

Ўз ўрнида Маяковский ҳам Есенин тўғрисида юксак баҳо берарди. Маяковскийнинг Есенинга берган баҳоси ягона, яъни “Бениҳоятда истеъдодли” бўлган.

Есенин Венециядаги пляжда

Сергей Есенин ва Софья Толстая

Сўнгги рафиқа

1925 йилнинг бошларида Сергей Есенин Лев Толстойнинг набираси Софья билан танишди. У Есениндан 5 ёшга кичик эди, Софьянинг томирида дунёдаги буюк ёзувчининг қони оқарди. Софья Андреевна Ёзувчилар иттифоқи кутубхонасини бошқарарди. Турмуш қуришгач, у намунали рафиқа бўлди: шоирнинг соғлиғига эътибор қаратди, шеърларини тўплам учун тайёрлади. Ва мутлақо бахтли эди. Есенин эса дўстининг “Ҳаётинг қандай?” саволига “Уч томли шеърлар тўпламини тайёрлаяпман ва севмаган аёлим билан яшаяпман” – дея жавоб берган. Шоир муҳаббатига сазовор бўлмаган Софья бева қолди.

Сергей Есениннинг вафотидан олдинги сурати

Шоирнинг вафоти

1925 йилнинг 28 декабрида Есенинни Ленинград меҳмонхонасида “Англетер”да жонсиз тарзда топишди. Унинг сўнгги шеъри – “Алвидо, дўстим, алвидо...”, — Вольф Эрлихнинг гувоҳлик беришича, бироз вақт олдин мазкур шеър унга Есенин томонидан берилган: Есенин меҳмонхона хонасида сиёҳ йўқлиги ва уни қони билан ёзишга мажбур бўлганидан нолиди.

Шоирнинг вафоти тилсими ҳануз ечилмаган. Расмий оммавий тарзда қабул қилинган фикрлар шундан иборатки, у ўз жонига қасд қилган. Бироқ Есенин сиёсий нуқтаи назардан ўлдирилганлиги, суиқасд эса уюштирилган, деган шубҳалар ҳам мавжуд.

“Осонлик билан ҳаёт кечириш лозим” 

Шунга қарамай Есенин – фожеавий шоир эмас. Унинг шеърлари – ҳаёт мадҳияларидир. Мадҳ этилган ҳаёт олдиндан айтиб бўлмайдиган, афсусларга лиммо-лим, машаққатли бўлишига қарамай, гўзаллигини сақлаб қолган. Бу безори ва жанжалкаш, абадий болакай ва буюк донишманд мадҳидир.

Манба: хabardor.uz