"Фукусима-1" АЭСни назорат қилувчи ТЕРСО компанияси 5 октябрь куни 2011 йилнинг март ойида Япония шимоли-шарқида кузатилган кучли зилзила ва цунами вақтида шикастланган станциянинг биринчи энергия блоки устидаги ҳимоя гумбазини қисмларга ажратиш ишлари ниҳоясига етганини маълум қилди.

Киодо агентлигининг маълум қилишича, радиацион зарарланишни тўхтатиш мақсадида энергоблок устига ўрнатилган олти бетон панелнинг энг охиргиси ҳам олиб ташланди.
Гумбазнинг қисмларга ажратиш энергия блокининг ички қисмида вайронагарчиликлар туфайли пайдо бўлган чиқиндиларни олиб ташлаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, "Фукусима-1" атом электр станцияси 2011 йилнинг 11 март куни 9 баллик зилзила ва баландлиги 14 метр бўлган цунами тўлқинлари қуршовида қолган эди. Табиий офат натижасида "Фукусима-1"нинг олти энергия блокининг тўрттаси сув остида қолиб, реакторларни совутиш тизимига шикаст етган эди.

Биринчи авария вақтида учинчи ва тўртинчи реакторларда водород портлаб, оқибатда биринчи энергия блокининг томи шикастланган. Атмосферанинг радиация билан ифлосланишининг олдини олиш мақсадида 2011 йилнинг кузида энергия блоки устига ҳимоя гумбази қурилган эди.