АҚШда 8 ёшли қизни отиб ташлаган 11 ёшли бола ҳибсга олинди

Жамият 06 Октябрь 2015 2493

6 октябрь куни АҚШнинг Теннеси штатида 11 ёшли бола 8 ёшли қўшнисини ўлдиргани учун ҳибс қилинди. Рейтер хабарига кўра, қотил бола ўз қўшнисининг қизини отасининг милтиғи орқали отиб ташлаган.

Ушбу воқеа штатдаги 2200 киши яшайдиган кичик шаҳарчалардан бирида содир бўлган.

Жиноятни амалга оширган боланинг тан олишича, у аввалига деразадан бош чиқариб, ҳовлида ўйнаётган қизлардан ўзига болалаётган кучукка қарашда ёрдам беришини сўраган. Рад жавобини олгач эса, отасининг ов милтиғини олган ва пастга тушиб, қизлардан бирини отиб ташлаган. Шундан кейин у милтиқни қизнинг жасади олдида қолдириб, ортига қайтиб кетган.

Марҳум қизчанинг шахси аниқлаштирилган, у маҳаллий мактабнинг 3-синф ўқувчиси бўлган.

Қотил бола ҳам шу мактабда 5-синфда ўқиган. У ўз яшайдиган уйда ҳибс қилиниб, олиб кетилган.

У биринчи даражали қотилликда айбланади, лекин у вояга етмаган жиноятчи ҳисобланади.

28 октябрь куни ушбу иш бўйича навбатдаги суд мажлиси ўтказилади. Мажлисда суд ҳаками ушбу жиноятчини катта ёшли жиноятчилар каби, ёки вояга етмаган жиноятчилар қаторида суд қилиши аниқланади.

Кўпроқ янгиликлар