Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов "Футбол шарҳи" кўрсатуви меҳмони бўлди ва нима сабабдан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 13 октябрда ўтказилиши лозим бўлган ўртоқлик ўйини бекор қилинганига изоҳ берди.

"13 октябрдаги ФИФА кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ўртоқлик ўйини ўтказиш режалаштирилган эди. Аммо терма жамоа мураббийлар штаби талабига кўра ушбу ўртоқлик ўйини бекор қилинди.

Бунга бир қатор сабаблар бор. Биринчидан, 12 октябрда қолдирилган ўйинлар ўтказилади. Шунингдек 17 октябрда "Бунёдкор" ва "Насаф" ўртасида Ўзбекистон Кубоги финали ўтказилади. Футболчилар 8 октябрда расмий ўйин ўтказгач, ноябрдаги ўйинга тайёргарлик кўриш учун ўз клублари машғулотига қўшилган маъқул.

- Наҳотки қолдирилган ўйинлар Ўзбекистон миллий терма жамоасидан муҳимроқ бўлса?
- Бу ерда гап муҳимлик ҳақида кетмаяпти. Ўртоқлик ўйини ўтказмасликка мураббийлар штаби қарор қилган. Уларнинг талабига кўра терма жамоанинг ўртоқлик ўйини қолдирилди", - дейди Асқар Толибжонов.