Асқар Толибжонов: ТЖМ ташкил этилгандан буён терма жамоа витаминлар билан таъминланиб келади

Спорт 06 Октябрь 2015 2154

Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов "Футбол шарҳи" кўрсатувидаги чиқиши давомида Ўзбекистон миллий терма жамоасида витаминлар етишмовчилиги борлигини инкор этди.

"Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғини фармацевтик аралашмалар билан тўлиқ таъминланган. Бунинг учун бизда тиббиёт маркази бор ва шифокорларимиз томонидан буюртма қилинган барча воситалар олинган.

Умуман, газета ва бошқа оммавий ахборот воситаларида терма жамоа футболчилари витаминлар билан етарлича таъминланмагани ҳақидаги хабарларни ўқиб ҳайрон қоламан. Бу хабарлар тўлиқ тўғри эмас. Биз тиббиёт маркази томонидан буюртма қилинган барча фармацевтик воситаларни олганмиз. Футболчилар машғулотлар вақтида ва тикланиш жараёнида уларни истеъмол қилиб, оптимал спорт формаларини йиғишда фойдаланмоқдалар.

Бу нарсалар Терма жамоалар маркази ташкил этилгандан буён йўлга қўйилган. Кейин, футболчиларга дуч келган дорини қабул қилиш мумкин эмас. Чунки допинг назоратидан ўта олмай қолишлари мумкин. Биз буни ҳам назорат қиламиз.

Яна шуни айтиб ўтишим лозимки, ҳар бир футболчи терма жамоа йиғинига етиб келгач, тиббиёт марказида кўрикдан ўтади ва унга кўра мураббийлар штаби футболчига юкламалар ишлаб чиқади", - дейди Толибжонов.

Кўпроқ янгиликлар