АҚШ Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги шифохонага берган зарбаси учун жавобгарликни ўз зиммасидан соқит қилиб, Афғонистон ҳукумати илтимоси билан ҳудудни бомбардимон қилганини таъкидлаб, афғон ҳукумати зиммасига юкламоқчи. Бу ҳақда 5 октябрда чоп этилган "Чегарасиз шифокорлар" гуманитар ташкилоти баёнотида айтилмоқда.  

"Улар ҳужум тафсилотларини ўзгартиришни давом эттиришмоқда, энди бўлса жавобгарликни афғон ҳукуматига юклашмоқчи. Ҳақиқат шундан иборатки, АҚШ бу бомбаларни ташлаган. АҚШ беморлар ва "Чегарасиз шифокорлар"нинг ходимлари билан тўла бўлган катта шифохонага зарба берган", деб айтмоқда ташкилотнинг бош директори Кристофер Стоукс.

Стоукснинг айтишича, "АҚШ коалициянинг бир қисми бўлсада, зарбалар беришда нишонни танлаш учун улар жавобгардирлар". "Бу ваҳший ҳужумни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. АҚШ ва Афғонистон томонидан ҳужумни таърифлашдаги анча фарқларни ҳисобга олиб, ушбу ҳолатни тўлиқ, мустақил тергов қилишга эҳтиёж янада ошмоқда", деб таъкидлаб ўтди Стоукс.