Nissan компанияси Токиода бўлиб ўтадиган моторшоуга ғилдираклар устидаги мобиль гажет деб номлаган Teatro for Dayz концептуал кей-карини олиб боради. Мазкур автомобиль прототипи асосан ўтган асрнинг 90- йиллари охири, 2000 йиллар аввалида дунёга келган “Z авлоди” деб номланувчи янги давр вакиллари учун мўлжалланган.

“Рақамли авлод”нинг болалиги ва ўсмирлиги интернет, смартфон ва ижтимоий тармоқлар кенг қўлланила бошлаган даврга тўғри келмоқда.
Шу мақсадда концепт-кар салонига: олдинги консол, эшик панеллари ва машина ўриндиқларига кўплаб рангли дисплейлар ўрнатилган. Улар мобиль қурилмалардаги ҳар қандай ахборотлар – ижтимоий тармоқлардаги маълумотлардан тортиб, суратларгача – намойиш этишга мўлжалланган.

Компания вакилларининг сўзларига кўра, келгусида автомобиль ички дизайнида смартфон ва планшет компьютерлари сингари биргина фойдаланувчига мослаштириш имкони ҳам ўрин эгаллайди.
Nissan Teatro for Dayz тафсилотлари ошкор қилинмаган электр двигатель билан таъминланади. Машинанинг бампер ва эшикларига эса ёруғлик диодлари ўрнатилиб, улар орқали турли маълумотлар, масалан, аккумулятор қуввати тўғрисидаги ахборотлар тақдим этилади.