Америка Қўшма Штатлар президенти Барак Обама 9 октябрь куни тўққиз киши отишма қурбони бўлган Орегон штати Роузбург шаҳридаги Умпква коллежига боради.

Америка президенти у ерда қотиллик қурбонларининг яқинлари билан ёпиқ эшиклар ортида суҳбат қуришни режалаштирган.
Бу ҳақда Reuters Оқ уй вакили берган маълумотларга асосланиб хабар берди.

Бундан аввалроқ эса мазкур жиноятни содир этган жиноятчи Крис Харпер Мерсернинг отаси Ян Мерсер ўғлининг бутун бошли қурол-яроғ коллекциясини тўплаганини маълум қилиб, бу борада назоратни кучайтиришни талаб қилиб чиққан эди.

Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни 26 ёшли Крис Харпер Мерсер исмли шахс Американинг Орегон штатидаги Умпква коллежи ҳудудида отишма содир этган эди. Оқибатда 10 киши, жумладан, жиноятчининг ўзи ҳам ҳалок бўлган. Етти киши эса турли даражада жароҳат олган.