Ўзбекистон бош муфтийси Усмонхон Алимов Иорданиянинг Амман шаҳридаги Қироллик стратегик ислом тадқиқотлар маркази томонидан тузилган дунёнинг энг нуфузли мусулмон кишилари рўйхатида қайд этилди.

Nuz.uz нашрининг маълум қилишича, ушбу рўйхатнинг энг юқори қисмидан Иордания қироли Абдулла Иккинчи ибн ал-Ҳусайн жой олган. Ундан кейин эса Қоҳирадаги "Ал-Азҳар" университети имоми шайх Аҳмад Муҳаммад ал-Тойиб номи келтирилган.

Бу рўйхатнинг учинчи ўрни Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдул Азизга насиб этган.

Бу рўйхат ўнлигида Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Татаристон раҳбари Рустам Минниханов, чеченлар етакчиси Рамзан Қодиров ҳамда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам ўрин олган.

Қайд этиш керакки, бундай рўйхат 2009 йилдан буён тузиб келинади. Унда ислом дини учун хизмат кўрсатган дин, маданият, санъат, спорт ва сиёсат арбоблари келтирилади.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси расмий сайти маълумотларига кўра, Усмонхон Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилоятида туғилган бўлиб, 1982—83 йилларда Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида, 1983—87 йилларда эса Тошкент ислом институтида, 1989—90 йилларда Марокашдаги «Каравайин» университетида таҳсил олган. 1987—2000 йиллар давомида Пайариқ туманидаги «Имом Бухорий» масжидида имом-хатиб, 2000 йилдан эса Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Самарқанддаги бош вакили вазифасида фаолият олиб борган. 2006 йил 8 август куни эса Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланган.