Ўзбекистонлик жисмоний ва юридик шахслар 2016 йилнинг 31 декабрига қадар мамлакат ташқарисига хом ашё кўринишидаги қизилмия ўсимлигини олиб чиқиш тўловларидан (бир тоннаси учун 225 доллар) озод қилинди.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 сентябрда қабул қилинган “Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Мазкур чоралар хом ашё кўринишидаги қизилмия ўсимлигини экспорт қилишга қизиқиш билдирган тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитларни яратиш ва минтақадаги йирик қизилмия экспортёри – Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишдан иборат.

Review.uz маълумотларига кўра, фақатгина Қорақалпоғистонда 2015 йилда қизилмия етиштириш ҳажми 1500 тоннага қадар ортди. Миллий тижорат банклари ёрдами билан ҳудудда қиймати 2,3 млн доллар бўлган янги ишлаб чиқариш объектлари барпо этилди. Доривор хом ашёнинг асосий харидори эса ушбу маҳсулотга эҳтиёж тобора ортиб бораётган Хитой давлати ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2010 йилда Хитойга 2281 тонна мазкур ўсимлик илдизини сотиб, бу борада Хитой умумий импортининг 47,74 фоизига эгалик қилди. Ўзбекистондан Хитойга қизилмия экспорт қилиш ҳажми 2007 йилдан 2011 йилга қадар 30 баробаргача ортди. Биргина 2012 йилда Хитой Ўзбекистондан 9,9 млн долларлик қизилмия сотиб олди.