Бугун, 6 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланади. Ўз тарихида 18-маротаба ташкил этилаётган дунё биринчилигида 260 нафар боксчи 10та вазн тоифасида баҳсларга киришади. Турнирда олимпиада учун 23та йўлланма ўйналади.

Ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини 8 нафар спортчи - Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Муроджон Аҳмадалиев, Фазлиддин Ғоибназаров, Бектемир Мелиқўзиев, Элшод Расулов, Рустам Тўлаганов ҳамда энг оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов ҳимоя қилади.

Жаҳон чемпионатига энг кўп иштирокчи Европадан келган – 94 нафар. Осиёдан – 66, Шимолий ва Жанубий Америкадан – 51, Африкадан – 32, Океаниядан – 17 нафар боксчи чемпионат медаллари ва Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун рингга кўтарилади.

5 октябрь куни “Али Бин Ҳамад Ал Аттия” спорт мажмуасида жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Мусобақалар бугун бошланади, ҳал қилувчи финал жанглари 15 октябрга белгиланган.