Сурияда рўй берган кейинги воқеалар туфайли Туркияга яна 1 миллионга яқин суриялик муҳожир ўтиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари Нуман Куртулмуш маълум қилган.

Бироз олдинроқ, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған шу вақтгача Сурия ва Ироқдан 2,5 миллион муҳожир мамлакат ҳудудига кириб келгани ҳақида маълумот берганди.

"Сурия ғарби аҳоли зич яшайдиган ҳудудлар ғисобланади. Бу ерда Дамашқ, Ҳомс, Ҳама, Ҳалаб ва Латақия каби йирик шаҳарлар жойлашган. Айни вақтда Сурияда давом этаётган фуқаролар урушининг муҳим паллалари бошланди. Бу вазиятда ҳар қандай янги ҳаракат вазиятни янада қийинлаштирмоқда. Айниқса, Россия томонидан бу ҳудудларда ҳаво зарбалари берилиши бошланиши вазиятни чигаллаштирди. Натижада юз минглаб, балки 1 миллиондан ортиқ суриялик ўз уйларини ташлаб, Туркияга ўтиши кутилмоқда", деб маълум қилган Куртулмуш Hurriyet газетасига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Россия Башар Асад илтимосига биноан 30 сентябрь куни Сурия ҳудудидаги ИШИД нуқталарига зарбалар беришни бошлади.

Қайд этиш керакки, Яқин Шарқда 1 йилдан бери давом этаётган сиёсий таранглик туфайли 2015 йилнинг январидан шу вақтгача 630 минг муҳожир Европа Иттифоқи ҳудудидан бошпана топди.