Англиянинг "Ливерпуль" жамоаси шу ҳафта охирида Юрген Клоппни янги бош мураббий сифатида эълон қилади. The Telegraph нашрида хабар қилинишича, томонлар келишувга эришиб бўлишган.

Манбанинг маълумотига кўра, Клопп "Ливерпуль" билан 2018 йилгача ҳамкорлик қилиш бўйича битим тузган.

Бундан олдинроқ, "Ливерпуль" раҳбарияти жамоанинг принципиал рақиби "Эвертон" билан кечган баҳсда дуранг (1:1) ҳисоби қайд этилганидан сўнг, бош мураббий Брендан Рожерсга жавоб бериб юборганди.

Шимолий ирландиялик 42 ёшли мутахассис Брендан Рожерс "мерсисайдиклар" сафида 2012 йилнинг июнидан бери ишлашни бошлаган, жамоа билан 2013-2014 йиллар мавсумида АПЛнинг иккинчи ўрнини эгаллаганди.

Жорий мавсумда эса унинг бошқарувидаги жамоа ўтказилган 8та турдан кейин 12 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 10-ўринда турибди.