25 йил аввал 3 октябрда иккита немия давлати – ғарбий ва шарқий Германия битта давлатга бирлашган. Германияда бу кун ҳар йили 3 октябрда Германия бирдамлиги ёки Немис бирдамлиги куни миллий байрами сифатида нишонланади. Шу муносабат билан 3 октябрда Тошкентда ўтказилган тадбирда Германиянинг Тошкентдаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг Германия ва Ўзбекистоннинг муносабатлари барча соҳаларда барқарор ривожланаётганини таъкидлаб ўтди, деб хабар бермоқда "Туркистон-пресс" МАА.

"Германия Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган биринчи давлатлардан бўлган эди. Ўша пайтлардан бери бизнинг муносабатларимиз кўплаб, жумладан сиёсий ва иқтисодий соҳаларда барқарор ривожланиб келмоқда. Ўтган йили давлатларимиз орасида савдо айланмаси ярим миллиард еврони ташкил қилди ва бу кўрсаткич бизни йириклиги бўйича Ўзбекистоннинг 8-рақамли иқтисодий ҳамкори қилади. Германия ривожланишга кўмак бериш соҳасида айни пайтгача Ўзбекистонга 329 млн евро тақдим қилди", деб айтмоқда Хёфер-Виссинг.

"25 йил аввал иккита немис давлати ўз хоҳиши ва барча қўшниларининг розилиги билан битта давлатга бирлашди. Бироқ бу кун нафақат Германиянинг бирлашиш куни, балки 1997 йилдан масжидларда очиқ эшиклар куни ҳам ҳисобланади. Германиянинг жавобгарликни ҳис қилувчи мусулмон жамоатлари бу тадбирни ўтказиш йўли билан хурофотдан халос бўлиш ва маданиятлараро суҳбатнинг ривожланишига кўмак беришни исташади", деб таъкидлаб ўтди Германия элчиси.