Toyota 2020 йилга қадар ҳайдовчисиз ҳаракатланувчи автомобиллар туркумини тақдим этади

Технология 06 Октябрь 2015 1723

Япониянинг Toyota Motor Corp. автокомпанияси Токиода Олимпия ўйинлари ўтказиладиган вақтга қадар ҳайдовчисиз ҳаракатланувчи автомобиллар туркумини тақдим этади. Бу ҳақда автоконцерн вакили тажриба намуси устида тезкор шосседаги синов муваффақиятли ўтказилгандан сўнг маълум қилди.

“2020 йилда Токиода Олимпиада ўтказилади. Биз худди шу йили мазкур технология фойдаланилган машиналарнинг савдога чиқарилишини хоҳлар эдик”, - дея қайд этди NHK телеканалига корпорация вакили Ёсида Моритаки.

Lexus маркали седан базаси асосида тайёрланган тажриба моделини синовдан ўтказишда автомобиль унга ўрнатилган датчик ва камералар юборган маълумотлар асосида тезкор магистралда 8 километрлик масофани босиб ўта олди. Мазкур маълумотларни қайта ишлашда йўлдаги вазиятдан келиб чиқиб мустақил қарор қабул қиладиган сунъий интеллектдан фойдаланилди.

Масалан, агарда олдинда ҳаракатланаётган автомобил тезлиги асосий оқимдагилардан паст бўлса, Toyota ҳайдовчисиз машинаси мустақил равишда қувиб ўтиш ҳаракатини бажаради.

Маълумот учун, ўтган 2014 йилда Японияда ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган автомобилларни ишлаб чиқиш бўйича тадқиқот маркази ишга туширилган эди. Лойиҳада Васэда, Китакюсю университетлари, шунингдек, Кюсю технология университетининг робот технологиялари ва сунъий интеллект бўйича мутахассислари иштирок этмоқда. Toyota`дан ташқари, Япониядаги Nissan Motor Co., Mazda Motor автоишлаб чиқарувчилари ҳам ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган автомобиллар туркумини яратиш бўйича ўз режаларини маълум қилган.

Кўпроқ янгиликлар