"Трансаэро" учувчилари Осиё авиакомпанияларидан иш излашмоқда

Жамият 06 Октябрь 2015 2290

Россиянинг "Трансаэро" авиакомпаниясининг баъзи учувчилари Хитой, Вьетнам ва Корея авиакомпанияларида иш излашни бошлашди. Бу ҳақда Шереметьево парвоз таркиби касаба уюшмаси президенти Игорь Дельдюжов ТАСС ахборот агентлигига маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, " Аэрофлот" 2 сентябрда Трансаэронинг 75%+1 та акциясини сотиб олган ва авиакомпания йўловчилари олдида барча мажбуриятларни бажариш жавобгарлигини ўз зиммасига олган. Россия ҳукумати 1 октябрда "Трансаэро" авиакомпаниясини банкрот деб тан олиниши ҳақида қарор чиқарган.

Дельдюжовнинг айтишича, кўплаб учувчилар "Аэрофлот"да иш ўрни олишларига ишонмаяптилар, шунинг учун хорижда, айниқса Жануби-Шарқий Осиё авиакомпанияларида иш излашга тушиб кетдилар. Чунки бу ерда авиаташувлар ўсиши ва юқори иш ҳақи кузатилмоқда.

Дельдюжовнинг фикрича, "Аэрофлот" раҳбарининг " Трансаэро"нинг 5-6 минг ходимини қабул қилиши борасидаги режалари пиар-акция бўлиб, ундан мақсад ходимларни тинчлантиришдир.

"Компания бунча одамни ишга қабул қилиши даргумон. Кўпчилик учувчилар кредит, ипотека қарзларига эгалар. Бундай аҳволда штурвалга қандай ўтириб бўлади? Шак-шубҳасиз, уларни қандайдир йўл билан тинчлантириш керак эди", деб айтмоқда Дельдюжов.

Кўпроқ янгиликлар