Бугун Тошкентда очилган “Ипак йўлида туризм” XXI халқаро туристик ярмаркасининг асосий меҳмони БМТ бутунжаҳон туристик ташкилоти (ЮНВТО) ижрочи директори Золтан Шомоги бўлди.
“Жаҳон” агентлиги билан ўтказилган суҳбат чоғида у Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига баҳо берди.

“Республика ташкилотимизнинг энг муҳим аъзоларидан биридир, - деди у. – Ўтган йили биз Самарқанд Ипак йўлидаги туризм декларациясининг қабул қилинишининг 20 йиллигини нишонладик. Ўша йилнинг октябрида Самарқандда ЮНВТО Ижроия қўмитаси 99-сессиясининг муваффақиятли ўтказилиши ҳамкорликнинг кенгайишидан далолат бўлди”.

Шунингдек, у Ўзбекистонга нимага келиш кераклиги ҳақида ўз фикрларини айтиб ўтди.
“Биринчидан, бу тинчлик ва сокинлик ҳукм сураётган мамлакатдир. Ўзбек халқининг олийжаноблиги, меҳмондўстлиги ва самимийлиги бутун дунёдан меҳмонларни оҳанрабодай тортади, - деди Шомоги. – Иккинчидан, гўзал табиат, ўзига хос флора ва фауна табиат шинавандаларининг улкан қизиқишига сабаб бўлади.

Учинчидан, Ўзбекистон туризм миқёси ва тарихий ёдгорликлар миқдори жиҳатидан жаҳонда кучли ўнликка киради. Мамлакатингизда 7 мингдан ортиқ тарихий, меъморий ва маданий ёдгорликлар бор. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, ўзбек маданияти ўзига хос ва бой меросга эгадир.

Бу рақсларда, мусиқада, рассомчиликда, амалий санъатда, миллий ошхона ва либосларда акс этади. Ниҳоят, Ўзбекистон замонавий, тез суръатларда ўсаётган давлатдир, у ноқулай ташқи иқтисодий вазиятга қарамай, 11 йилдирки 8 фоизлик ўсиш кўрсатмоқда”.