ZTE компанияси ICTEXPO 2015 кўргазмасида ўз технологияларини тақдим этди

Ўзбекистон 06 Октябрь 2015 2256

Хитойнинг ZTE корпорацияси Тошкентда 14 сентябрдан 18 сентябргача бўлиб ўтган “ICTWEEK Uzbekistan 2015” ахборот коммуникация технологиялари ҳафталигида иштирок этди.

“ICTWEEK Uzbekistan 2015” ҳафталиги – замонавий технологиялар ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни намойиш этиш, ушбу йўналишда тажриба алмашиш ва ишбилармонлар ўртасида учрашувлар ўтказиш учун ўзига хос майдон ҳисобланади. “ICTWEEK Uzbekistan 2015” анжумани ҳар йили анъанавий равишда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида ўтказилади.

ZTE корпорациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси “ICTWEEK Uzbekistan 2015” ҳафталиги, хусусан, ICTEXPO 2015 кўргазмасида фаол иштирок этди.

Кўргазма 2015 йилнинг 15 сентябридан 17 сентябрига қадар ўтказилди. Унинг биринчи кунида иштирокчиларнинг стендларини давлат органларининг расмийлари ҳам келиб кўришди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Хуршид Мирзохидов кўргазма экспонатлари билан танишди.

Шуниси эътиборлики, компания турли соҳаларда ўз ечимларини тақдим этди. Масалан, Хитой корпорацияси интерфаол IP телевидение, UniRAN, Pre 5G, IPRAN, PowerMaster, Ethernet cabling, NetView, vEPC, MSAG/GPON ва бошқа йўналишларда ўз ишланмаларини намойиш этди.

Хусусан, DMR стандартидаги PH500, PH520 ва PH790 каби ихчам радиоузатиш ускуналари кўргазмага келганлар ҳамда хусусий ва давлат компаниялари вакилларининг катта қизиқишини уйғотди.

Кўргазма доирасида Хитойнинг ZTE корпорацияси UZTE маҳаллий бренди билан бирга кўпчиликнинг эътиборини тортган мобил телефонларни тақдим этди.

ZTE корпорацияси, компания менежерлари ва мутахассислари кўргазмага ташриф буюрган соҳа вакиллари ва ўзларининг бўлғуси мижозларининг диққатини жалб қила олганликларидан умидвор.

ZTE — телекоммуникацион асбоб-ускуналар ва уяли телефонларни етказиб берувчи жаҳонда етакчи ширкатлардан бири ҳисобланади. ZTE томонидан симли ва симсиз алоқа, мобил ва фиксацияланган терминаллар бозорининг деярли ҳар бир йўналишида турли-туман юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ZTE ваколатхоналари ва тадқиқот марказлари жойлашган бўлиб, уларда 10 минглаб инсонлар меҳнат қилади. Компания 140та мамлакатга асбоб-ускуналар ва хизматларни етказиб беради ва Осиё-Тинч океани, Жанубий Осиё, Шимолий Америка, Европа, Лотин Америкаси, Африка ва МДҲдаги 500дан ортиқ алоқа операторларига хизмат кўрсатади.

Хусусан, айни дамда ZTE ширкати иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун 50дан ортиқ ечимларни таклиф қилмоқда. Хитой компанияси, шунингдек, истеъмолчилар учун мўлжалланган маҳсулотлар – телефонлардан тортиб смартфон ва планшетларгача ишлаб чиқаради. Бу маҳсулотларни Ўзбекистон бозорида бемалол сотиб олиш мумкин. ZTE смартфонларининг асосий дастурий платформаси – ОС Android ҳисобланади.

ZTE шўъба корхонаси Ўзбекистон Республикасида 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Бу давр мобайнида компания Ўзбекистонда телекоммуникация соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшиб, илғор коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятини, маҳаллий аҳоли учун иш жойларини тақдим этиб, инсонларнинг коммуникация технологиялари ҳақидаги билимларини ошириб келмоқда.

Ўзбекистон телекоммуникацион операторлари – Beeline, Ucell, “Ўзбектелеком” АК ва бошқалар мазкур компаниянинг асбоб-ускуналаридан фойдаланадилар. 2013 йилнинг июлида ZTE Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида уяли телефонлар ва улар учун мўлжалланган аксессуарларни ишлаб чиқариш бўйича корхонани ишга туширди. Ҳозирда корхона смартфонларнинин олтита моделини ишлаб чиқармоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Кўпроқ янгиликлар