Daily Mail нашри тадқиқотчилари томонидан ўрганиб чиқилишича, Англия премьер-лигасида фаолият олиб борувчи мураббийлар бошқаларга нисбатан энг кам вақт мобайнида жамоада иш олиб боришар экан.

Премьер-лига фаолиятини бошлаган 1992/93 йилги мавсумда ўйнаган жамоалар мураббийларининг ўртача фаолият муддати 3,24 йилни ташкил қилган. 22 жамоадан фақатгина 5тасида ишлаган мураббийлар беш йилдан узоқроқ муддатда ўз жамоаси бошқарувида қолган.

2015 йилнинг октябрь ойига келиб ҳозирги АПЛ жамоалари ичида ўз клубида беш йилдан ортиқроқ ишлаган мураббий сифатида фақатгина Арсен Венгер қолган. Франциялик мутахассис «Арсенал»да 19 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Бошқа бирорта мураббий битта жойда уч йилдан ортиқ ишлай олишмаган.

Ҳозирда АПЛдаги 18 жамоанинг амалдаги мураббийлари ўртача иш фаолияти 2,28 йилни ташкил қилмоқда. Агар Арсен Венгерни чиқариб ташлаб ҳисоблаганда бу кўрсаткич бор-йўғи 1,29 йилни ташкил қилади.

АПЛ старт олганидан буён мазкур мусобақа давомида жами 133 мураббий истеъфолари қайд қилинган. Энг кўп истеъфо 2013/14 мавсумда қайд қилинган – 12та.

Ҳозирда АПЛда қатнашаётган жамоалар ичида энг кўп «Челси» ва «Тоттенҳэм» мураббий алмаштирган – 15 мартадан.

 

Энг узоқ муддатли ўртача мураббий фаолияти «Манчестер Юнайтед» (7,65 йил) ва «Арсенал»да (7,58) қайд қилинган. Энг қисқа муддат эса «Саутҳемптон» (1,31) ва «Кристал Пэлас» (1,12) жамоаларида кузатилган.