Австралиялик Жейсон Тейлор исмли болакай тарихини ҳақиқий мўъжиза деб ҳисоблаш мумкин. Онаси ва опаси билан жиддий йўл-транспорт ҳодисасига дуч келган болакайнинг боши деярли узилиб кетган эди. Брисбендаги шифохонада болакай устида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, унинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Ташқи томондан қараганда болакайда шикастланишлар кўзга ташланмаган бўлса ҳам, ички жароҳатлар ўта жиддий эди, дея хабар берди medportal.ru. Шифокорларнинг сўзларига кўра, болакайнинг боши бўйнидан қарийб узилиб кетган.
6 соат давом этган жарроҳлик амалиёти натижасида боланинг умуртқа поғонаси унинг қовурға қисмлари ёрдамида қайта тикланди.

Эндиликда боланинг бошида танасига мустаҳкамланган махсус ҳалқа ўрнатилган бўлиб, устомон механизм даволаниш муддатида тананинг шикастланган қисмлари ҳаракатсизлигини таъминлайди. Икки ойдан кейин Жексон бир ярим ёшни қарши олган вақтда мазкур қурилмадан халос бўлиб, ўзининг одатдаги болалик ҳаётига қайтиши мумкин.

Ҳозирдан у юришни бошлади, шифокорлар ва боланинг ота-онаси авария оқибатлари фарзандининг жисмоний ривожланиши ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатмаслигига умид билдирмоқда. Операцияни ўтказган жарроҳ Жефф Аскиннинг таъкидлашича, бола шундай жароҳатдан кейин ҳам яшаб кетди: ҳозирда болакай мустақил равишда нафас олиб, ҳаракатлана олаяпти. Буни ҳақиқий мўъжиза деб айтиш мумкин.