ФИФАнинг Одоб-ахлоқ бўйича қўмитаси ташкилот президенти Йозеф Блаттерни 90 кунга ўз вазифаларини бажаришдан соқит қилди.

"Блаттер 90 кунга четлаштирилди. Ҳозирча биладиганим шу", дея Guardian нашрига маълумот берган ФИФА раҳбари маслаҳатчиси Клаус Штелкер.

Эслатиб ўтамиз, Швейцария ҳукумати 24 сентябрь куни ФИФА президенти Йозеф Блаттерга нисбатан жиноий иш қўзғатганди.

Шунингдек, Блаттер яқин вақт ичида ўз хоҳиши билан ишдан кетмаса, мажбуран кетказилиши айтилганди.

ФИФА раҳбари УЕФА президенти Мишель Платинига ноқонуний тарзда 2 млн швейцар франки ўтказиб берганликда гумон қилинмоқда.

Маълумот учун, Блаттер 1998 йилдан буён ФИФАга раҳбарлик қилиб келади. У 2015 йилнинг 29 май кунида бешинчи марта президентликка сайланган, лекин кўп ўтмасдан ташкилотдаги можаролар туфайли ўз лавозимини муддатидан аввал тарк этишини эълон қилганди.