Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги баҳслари давом этмоқда. Ўз тарихида 18-маротаба ташкил этилаётган дунё биринчилигида 260 нафар боксчи 10та вазн тоифасида баҳсларга киришган.

Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Муроджон Аҳмадалиев, Фазлиддин Ғоибназаров, Элнур Абдураимов, Бектемир Мелиқўзиев, Элшод Расулов, Рустам Тўлаганов ҳамда энг оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов ҳимоя қилади.

Биринчи кунги баҳслардан сўнг ўзбекистонлик икки нафар чарм қўлқоп устаси – 56 кг вазн тоифасидаги Муроджон Аҳмадалиев ҳамда -75 кг вазндаги Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев мос равишда италиялик Франческо Маетту (3:0) ва грузиялик Заала Квачатадзе (1-раундда нокаут билан)ни ғалаба қилишган эди.

Бугун -60 кг вазнда Элнур Абдураимов жазоирлик Редда Бенбазизни 3:0 (30:27, 30:27, 30:27) ҳисобида таслим этишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда "Оламспорт.сом" хабар берган.

Шунингдек, -81 кг вазн тоифасида Ўзбекистон терма жамоасининг энг тажрибали боксчиси Элшод Расулов венесуэлалик Альберто Дуранони 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, иккинчи даврага йўлланма олди.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатига энг кўп иштирокчи Европадан келган – 94 нафар. Осиёдан – 66, Шимолий ва Жанубий Америкадан – 51, Африкадан – 32, Океаниядан – 17 нафар боксчи чемпионат медаллари ва Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун рингга кўтарилади.

Финал жанглари 15 октябрга белгиланган. Ушбу жаҳон чемпионати Рио-2016 Олимпиадасига йўлланма бериши билан аҳамиятли ҳисобланади.