Эронлик икки нафар муҳожир Ла-Манш бўғози остидаги 50 км масофадаги Евротуннел орқали Буюк Бртиания ҳудудига ўтиб олишга ҳаракат қилди. Улар туннелдан чиққан вақтда британ полицияси томонидан ҳибс қилинди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Қайд этилишича, эронликлар бу ҳаракати орқали ўз ҳаётларини катта хавф остида қолдиришган. Улар йўл давомида икки томонга ҳаракатланаётган поездлар остида қолмасликка ҳаракат қилишган.

Хабарда айтилишича, улар ўтган ҳафтанинг шанба кунида Францияда ноқонуний муҳожирларнинг оммавий равишда ҳибсга олиниши бошланганидан кейин шундай қарорга келишган. Улар француз полициячиларидан қутулишга ҳаракат қилишган.

Британ полицияси уларни ҳибсга олгач, Фолкстон суди уларга "темир йўлдаги ҳаракатга қасддан халақит бериш" бўйича айб қўйди.

25 ёшли Пайам Моради Мирахессари ва 20 ёшли Фарим Вахдани суд ҳукми эшиттирилгунига қадар ҳибсда сақланади.

Британиялик сиёсатчилар Франциянинг Кале шаҳрида йиғилган қочқинлар катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтишган.

Шу йилнинг августида Судан фуқароси бўлган муҳожир ҳам Евротуннел орқали Буюк Британияга ўтишга уринганида қўлга олинганди.