6 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланди. Ўз тарихида 18-маротаба ташкил этилаётган дунё биринчилигида 260 нафар боксчи 10та вазн тоифасида баҳсларга киришди.

Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Муроджон Аҳмадалиев, Фазлиддин Ғоибназаров, Элнур Абдураимов, Бектемир Мелиқўзиев, Элшод Расулов, Рустам Тўлаганов ҳамда энг оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов ҳимоя қилади.

Кеча мусобақанинг илк кунида ўзбекистонлик икки нафар боксчи рингга кўтарилди. 56 кг вазн тоифасидаги Муроджон Аҳмадалиев италиялик рақиби Франческо Маеттуни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Унинг иккинчи даврадаги рақиби қозоғистонлик Қайрат Ералиев бўлади. Бу ҳақда "Оламспорт.сом" хабар берган.

75 кг вазн тоифасида Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев эса биринчи раунддаёқ грузиялик Заала Квачатадзени нокаутга учратди. Ёш Бектемир иккинчи босқичда франциялик Кристиан Мбиллиассомога қарши рингга кўтарилади.

Бугун, 7 октябрь куни 60 кг вазндаги Элнур Абдураимов жазоирлик Редда Бенбазиз билан, +91 кг вазндаги вакилимиз Баҳодир Жалолов Жазоирнинг яна бир вакили Муҳаммад Гримес билан, 81 кг вазндаги тажрибали Элшод Расулов эса венесуэлалик Альберто Рамреа Дурано билан жанг ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатига энг кўп иштирокчи Европадан келган – 94 нафар. Осиёдан – 66, Шимолий ва Жанубий Америкадан – 51, Африкадан – 32, Океаниядан – 17 нафар боксчи чемпионат медаллари ва Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун рингга кўтариляпти.

Финал жанглари 15 октябрга белгиланган. Ушбу жаҳон чемпионати Рио-2016 Олимпиадасига йўлланма бериши билан аҳамиятли ҳисобланади.