5 октябрь куни Тошкентда "Ипак йўлида туризм" халқаро сайёҳлик кўргазмаси иш бошлади. Кўргазманинг биринчи кунида турли хорижий компанияларнинг намойишлари, “Ипак йўли таъми” миллий таомлар, “Шарқ бозори” фестиваллари ўтказилди. Бу ҳақда "Ўзбектуризм" МК ахборот хизмати маълум қилган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг миллий стендида ўтказилган керамик буюмларни тайёрлаш бўйича интерфаол мастер-класс ва “Ўзбекистонда туризм ривожида маданий меросни асраш” мавзусида халқаро конференция ўтказилган. Конференция давомида давлат ва халқаро ташкилот вакиллари, жумладан UNWTO, UNESCO, GIZ вакиллари иштирок этишди ва Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда маданий меросни асраш, Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўлида тутган ўрни, туризмда кадрлар тайёрлаш тизимини замонавийлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Кўргазманинг иккинчи кунида “Ипак йўли таъми” ва “Шарқ бозори” фестиваллари ва фольклор-этногорафик чиқишлар давом этди. Бундан ташқари, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларининг махсус мастер-класслари интерфаол тарзда ўз ишини бошлади.