Economist Intelligence Unit (EIU) томонидан тайёрланган ўлим сифати рейтингида 80 та мамлакат иштирок этди. Буюк Британия, Австралия ва Янги Зеландия ўзгармас етакчилар сифатида қайд этилди, Хитой эса рўйхатнинг сўнгги ўринларидан жой эгаллади. 

Ўлим сифати индекси ёши катта ва оғир касалликка чалинган одамларга умрларининг сўнгида ғамхўрлик қилиш даражаси ва сифатини ўлчайди. Мазкур лойиҳа ташаббускори бўлган The Lien Foundation ташкилоти вакилларининг сўзларига қараганда, ҳозирги кунга қадар жаҳон мамлакатлари орасида қари ва ўлим остонасидаги инсонлар учун қулай шароитга эга, намунали дея кўрсатиш мумкин бўлганлари мавжуд эмас.

Ўлим сифати EIU томонидан “умрнинг сўнггига қадар яхши ҳаёт кечириш” учун шароитлар мавжудлиги дея тушунилади: кўп ҳолларда бу кўрсаткич паллиатив тиббиётнинг ривожланганлиги билан боғлиқ. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилган таърифга кўра, паллиатив ёрдам ҳаёт сифатини яхшилаш, касалликларни олдиндан аниқлаш ва ўлим ташхиси қўйилган беморларнинг физиологик ва психологик жиҳатдан азият чекишларининг олдини олиш билан боғлиқ.

Индексни ҳисоблашда бешта категорияга тегишли 20 та кўрсаткич кўриб чиқилган ва уларга турли миқдор белгиланган: паллиатив тиббиёт ва саломатлик (20 фоиз), одам ресурслари (20 фоиз), ёрдам олиш имконияти (20 фоиз), ёрдам сифати (30 фоиз) ва жамиятнинг жалб этилганлиги, шунингдек кўнгиллилар ва оилалар (10 фоиз).

Европа ва Осиё

Рейтинг етакчиси Буюк Британияда ўлим сифати индекси 93,9 га тенг. Мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Австралия ва Янги Зеландияда эса бу кўрсаткич 91,6 ва 87,6 ни ташкил этади. Рейтингнинг кейинги ўринларини Ирландия (85,8) ва Бельгия (84,5) эгаллади. Рейтингнинг катта қисми бадавлат Европа мамлакатлари томонидан тақдим этилган, биринчи ўнталикда Тайвань (олтинчи ўрин), АҚШ (тўққизинчи ўрин) ҳам бор. Канада эса 11-ўринга мос деб топилган.

Муаллифлар индексни ҳисоблаш услуби 2010 йилдагига қараганда ўзгарганлиги, икки тадқиқотни буткул таққослаш мумкин эмаслигини қайд этишларига қарамай, етакчилар учлиги сақланиб қолган.

Тўртта Осиё мамлакатлари топ-20 дан жой эгаллаган: Тайванни ҳисобга олмаганда, булар Сингапур (12-ўрин), Япония (14) ва Жанубий Корея (18). Муаллифларнинг фикрига кўра, бу мамлакатлар учун муаммони ҳал этишда ҳукуматнинг жалб этилганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлган. Масалан, Японияда саратон билан касалланишни назоратга олиш бўйича янги дастур ишга туширилган. Унга кўра, касалликнинг дастлабки босқичларида паллиатив ёрдамга катта эътибор қаратилади шунингдек паллиатив тиббиёт марказлари миллий бюджетга киритилган. Сингапур ҳам паллиатив ёрдам кўрсатиш миллий стратегиясини ишлаб чиқди.

Паллиатив тиббиётда давлат қўллаб-қувватлашининг юқори даражасига эга бўлган мамлакатлардан ташқари рейтингда соғлиқни сақлаш тизими у қадар яхши ривожланмаган, бой бўлмаган мамлакатлар ҳам бор. Мисол учун, Мўғулистонда (28-ўрин) паллиатив тиббиёт тизимининг ривожланиши маҳаллий шифокори Одонтуя Даваасурэн шахси билан боғлиқ. Шифокор мутахассисларни паллиатив тиббиёт бўйича ўқитиш, генерик опиоидларни белгилашни мувофиқлаштиришни ўзгартириш, шифокор, тиббиёт ходимлари ва ижтимоий ишчилар ўқув дастурларига мувофиқ фанларни киритилиши йўли билан мазкур тизимни яратишга ёрдам беряпти.

БРИКС мамлакатлари ўртасидаги тафовут ҳам катта бўлди. Улкан ўсиш туфайли яхши кўрсаткичларга эга бўлиши мумкин бўлган Хитой ва Ҳиндистон рейтингнинг бор-йўғи 71 ва 67-ўринлардан жой эгалладилар. ЖАР рейтингнинг 34-ўрини, Бразилия эса 42-ўринида жойлаштирилди.

Даромад, чиқим, талаб ва таклиф

EIU материалларида келтирилишича, паллиатив тиббиёт ривожланиши даражаси киши жон бошига ўлчанадиган даромадга боғлиқ. Шунга қарамай, даромади киши жон бошига юқори бўлган барча мамлакатлар ҳам яхши натижа кўрсатишмади: масалан, Греция (56-ўрин) ва Россия (48-ўрин) иқтисодий муаммоларга дуч келганлиги боис рўйхатнинг охиридан жой эгаллаганлар. 

EIU эксперлари тадқиқотнинг сўнггида рўйхатга кирган мамлкатлардаги паллиатив ёрдамга бўлган талаб (юқори ёки паст) ва ушбу хизматларнинг таклифи (етарли ёки етарли эмаслиги)ни ҳам ўргандилар. Россия паллиатив ёрдам кўрсатилиши бўйича паст даражадаги талаб гуруҳига кирди.

Манба: xabardor.uz