Республикамиз ёшларини илм-маърифатли ҳар томонлама етук ва комил инсон бўлиб вояга етишларида асосий таянч таълим муассасаси ҳисобланган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўзининг қутлуғ 80 ёшини нишонлади.
2015 йил 30 сентябр куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ташкил этилганлигининг 80 йиллиги байрам тантаналари ташкил этилди. Ушбу байрам таълим муассасаси юбилейи ҳамда “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар” куни умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилди. Байрам тадбирларида республикамизнинг бир қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар, чет эл элчихоналари ва баналмилал марказлар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар. Тадбирни кириш сўзи билан университет ректори, педагогика фанлари доктори Ш.С.Шарипов очиб, барча университет жамоасини байрам билан қутлади. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири У.Иноятов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик депутатлари А.Қирғизбоев ҳамда О.Жамолдиновалар сўзга чиқиб байрам университет аҳлини, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни байрам билан қизғин табриклади. Табрик учун сўзга чиққан хорижий мамлакатлар олий таълим муассасалари вакиллари томонидан университет ректорига ҳамкорлик учун ташаккурномалари ва ёрлиқлар топширилди.


Ёш авлодга таълим-тарбия бериш, уларни замонавий етук кадрлар этиб тайёрлаш ишларида фаоллиги ва жонкуярлиги билан алоҳида ажралиб турган бир гуруҳ университет профессор-ўқитувчилари “Халқ таълими аълочиси”, “Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими аълочиси” мукофотлари ва университетнинг 80 йиллик юбилейи нишони билан тақдирланди. Университетда аъло баҳоларга таҳсил олиш билан бир қаторда маънавий-маърифий ишлардаги фаоллиги учун энг иқтидорли ва фаол талабалар тақдирланди. Тадбирнинг маънавий-маърифий қисмида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг ҳонандалари, элимиз суйган санъаткорлар иштирок этиб барчани байрам билан муборакбод этди.

Р.Рахмонов / “Камолот” ЁИҲ университет бошланғич ташкилоти Кенгаши раиси