Бир неча ҳафта ичида қочқин мақомини бериш рад этилган юз минглаб муҳожирлар Европадан чиқариб юборилади. Бу ҳақда 7 октябрь куни Times газетаси ўзидаги қарор ҳужжатларига асосланиб хабар қилди.
Times газетаси маълумотларига кўра, Брюссель Нигер ва Эритрея сингари мамлакатларга ўз иқтисодий муҳожирларини қайта қабул қилиб олишдан бош тортса, ёрдам кўрсатишни тўхтатиш, савдо шартномалари ва виза келишувларини бекор қилиш билан таҳдид солмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, Афғонистон, Ливия ва Сурия давлатлари фуқаролари ҳам депортация қилиниши мумкин.
Хабарларга кўра, Европа Иттифоқи ҳудудига 2015 йилнинг биринчи ярмида кириб келган 400 мингдан зиёд муҳожирга қочқин мақомини бериш рад этилган.
Шенген ҳудудига кирмаган Британия муҳожирларни депортация қилиш жараёнида иштирок этмайди, бироқ британ ТИВ раҳбари Тереза Мэйнинг мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашга мойил экани айтилмоқда.

У, айниқса муҳожирлар қиролликка йўл оладиган Франциянинг Кале шаҳридаги қочқинлар лагерининг тозаланишидан манфаатдор. “Муҳожирларнинг ортга қайтарилиши” режасига мувофиқ, Европа Кенгашининг ташқи чегаралар хавфсизлиги бўйича Frontex агентлиги мазкур жараённи тўлиқ ўз зиммасига олади.

Ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш бўйича халқаро ҳуқуқий меъёрларга риоя қилмаган давлатлар эса Еврокенгаш томонидан жаримага тортилади.
Frontex агентлигининг сўзларига кўра, 2015 йил аввалидан буён Еврокенгаш ҳудудига 630 минг ноқонуний муҳожир кириб келган.