Оилалар нега ажрашиб кетиши, негаки эркак ва аёл тил топиша олмай қолаётганига нима сабаб бўлаётгани айтилди. “Оила даврасида” газетасида ёзилишича, бу турли феъл-атвордаги одамларнинг оила қуриши натижасида оилавий муносабатлар кутилган сценарийдан бормаётганидир.

“Тасаввур қилинг: зерикарли қиш оқшомларида болаларини ухлатиб, эр-хотин танҳо қолишди. Эр газета ўқишдан зерикди, хотин ҳозиргина севимли сериалини якунлаб, қаҳрамонларнинг қисматини унутиб улгургани йўқ, - дейилади материалда. – Мана шундай бир пайтда иккаласи ҳам ширин суҳбат қуришни, бир-бирига меҳр, муҳаббат изҳор қилишни, фарзандлар келажаги ҳақида ширин орзулар суришни қўмсаб қолади. Ёки иккови ишхонасидаги янгиликлар билан шртоқлашишни, дам олиш кунлари учун режалар тузишни истайди”.

Аммо, муаллифнинг фикрича, воқеалар ҳар доим ҳам кутилганидек ривожланавермайди.
“Лекин амалдаиш бошқача тус олади, - дейди у. – “Мен итдай чарчабман, жойимни солиб бер”, дейди эр. “Мен ҳали идишларимни ювганим йўқ, бирпас сабр қилинг”, деб жавоб қилади хотин. “Сен ўзи қачон бир иш буюрса, хўп дейдиган бўласан”, дея зуғумга ўтади эр. “Мен сизга хизматкор эмасман”, деб гап қайтаради хотин. Ўзаро таъна-маломатлар, “ҳуқуқ талашиш”лар ҳаял ўтмай яхшигина жанжалга айланади”.

“Бир-бирига ўхшамаган, бошқа-бошқа йўсинда тарбия топган, ўзгача муҳитда улғайган икки кишининг кўп йиллар мобайнида биргаликда яшаши, бир мақсад йўлида интилиши, бир-бири билан муроса қилиши уларнинг ҳис-туйғу ва феъл-атворини қаттиқ синовдан ўтказади”, - хулоса қилинади материалда.