Ўз талабаларини Францияда таълим олишни давом эттириш учун юбориши мумкин бўлган ўзбек олий ўқув юртларига «N+i» фаолиятини таништириш ниятида тармоқ директори Жан-Пьер Тротинён жорий йилнинг 29 сентябрдан 2 октябрь кунигача Тошкентда бўлди. Бу ҳақда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Жан-Пьер Тротинён ташриф давомида Тошкент Давлат техника университети, Тошкент автомобил йўллари институти, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Тошкент ирригация ва мелиорация институтларида бўлиб, мутасаддилар билан учрашди.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, «N+i» тармоғи Франциядаги 70 дан ортиқ муҳандислик олий мактабларини бирлаштирувчи уюшма бўлиб, унинг мақсади Францияда инженерлик соҳасида таълим олишни истаган хорижлик талабаларга ҳар томонлама кўмаклашишдан иборат.