Халқ таълими вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан республикадаги барча умумтаълим мактабларида “Ораста қизлар” тўгараги фаолияти ташкил этилган.

Мазкур тўгаракка умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчи-қизлари аъзо бўлишиб, уларда болалар, ўсмирлар ва ёшларда шахсий гигиеник қоидаларни тўғри шакллантириш, тиббий маданиятни ошириш, уларда ўзининг ва атроф-муҳитнинг тозалигига эътиборни кучайтириш, экологик ва тиббий маданиятни юксалтириш, айниқса қизларнинг ўзаро муносабатларидан унумли фойдаланган ҳолда, улар ўртасида балоғатга етмасдан турмуш қуришнинг олдини олиш бўйича кенг тушунчалар берилади.

“Ораста қизлар” тўгарак машғулотлари ўқув муассасаларининг маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосарлари, маҳаллаларнинг маслаҳатчилари, ички ишлар ходимлари, тиббиёт ходимлари, психологлар, “Камолот” ЁИҲ вакиллари иштирокида олиб борилади. “Ораста қизлар” тўгарагига синф раҳбари раҳбарлик қилади, ишларни тартибга солади.

Шунингдек, мазкур тўгаракка аъзо қизлар ўртасида “Ораста қизлар” кўрик-танлови ўтказилиб, унда таълим муассасаларининг 8-, 9-синф ўқувчи-қизлари иштирок этади. Танлов уч босқичда: мактаб, туман (шаҳар) ва вилоят босқичида ўтказилади. Айни кунларда республикамиздаги умумий ўрта таълим мактабларида “Ораста қизлар” танловининг мактаб босқичи давом этмоқда.