Ўзбекистонга Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари ташриф буюради

Ўзбекистон 07 Октябрь 2015 3465

7 октябрь куни Ўзбекистонга Россия ҳарбий делегацияси ишчи ташриф билан келади.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, россиялик ҳарбий мутахассисларга Мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов бошчилик қилади.

Таъкидланишича, Россия ҳарбий делегацияси 7 ва 8 октябрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарияти билан музокаралар олиб боради. Учрашувлар чоғида минтақавий хавфсизлик, ҳарбий соҳадаги истиқболлар ва икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Мудофаа вазирининг Ўзбекистонга энг сўнгги ташрифи 2007 йилда бўлиб ўтган эди. Ўша йилнинг май ойида ўзбек Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қисмларини зенит-ракета комплекслари билан таъминлаш ва ахборотлар алмашиш бўйича шартнома имзоланган. Ҳамкорликнинг фаоллашуви авиация соҳасига ҳам тегишли эди.

Кўпроқ янгиликлар