Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков АҚШлик ҳарбийлар "кўпинча" ИШИДга қарашли бўлмаган позицияларга зарба бераётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА "Новости" ахборот агентлиги.

"Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва бошқа ҳарбий-ҳаво кучлари бир йилдан бери зарбалар бермоқда. Бизда шундай мулоҳаза қилишга асос борки, улар кўпинча террорчиларга қарашли бўлмаган нишонларга зарбалар бермоқдалар", деб айтди Конашенков.

Конашенков бу ҳақда АҚШнинг Россия авиацияси ИШИДга қарашли бўлмаган нишонларга зарба бераётгани ҳақидаги хабарига изоҳ бера туриб айтиб ўтди.

"Бу нотўғри. Биз фақат террорчиларга зарба бермоқдамиз. Афсуски, бу асоссиз гаплар. Биз қаерга, қачон ва нима билан зарба бераётганимиз ҳақида доимо аниқ гапирамиз. Америкалик сиёсатчилар эса, бу каби вазиятдагидек, ўз сўзларини ҳеч нарса билан асосламайдилар", деб қўшимча қилиб ўтди Конашенков.

Аввалроқ Конашенков АҚШ россиялик ҳарбийларга ИШИД жангариларининг жойлашган ўринлари ҳақида разведка маълумотларини тақдим қилишни рад этгани "АҚШ ҳукумати эҳтимол ИШИДни террорчилик ташкилоти деб ҳисобламаслигидан дарак беради", деб айтиб ўтди.