Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игорь Конашенков вазирлик ИШИД жангарилари Пальмира ва Суриянинг бошқа жойларида Россия авиациясини айблаш мақсадида масжидларни портлатиши эҳтимоли мавжудлигини истисно қилмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

"Биз Пальмира ва бошқа аҳоли пунктларида теророрчилар ҳозирда атайлаб фитна уюштираётгани, яъни масжидларни портлатиб, сўнгра Суриядаги Россия авиациясига бўҳтон ағдариш мақсадида сохта фото ва видеоматериалларни намойиш қилиши мумкинлигини истисно қилмаяпмиз", деб айтди Конашенков.

Аввалроқ Россия авиацияси 20 та жанговор парвозни амалга ошириб, ИШИДнинг инфратузилмаси, бошқарув пунктлари, жангариларни тайёрлаш лагерлари ва жангарилар базалари каби 12 та объектга зарба бергани маълум қилинганди.