Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу бугунги кунгача россиялик ҳарбийлар Суриядаги ҳарбий операция бошланганидан бери "ИШИД"нинг 112 та объектига зарба берганларини маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

Бу ҳақда Шойгу Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви пайтида айтиб ўтди.

"30 сентябрдан бугунгача 112 та объектга зарба берилган. Зарбалар жадаллиги ошириб борилмоқда", деб таъкидламоқда Шойгу.

Шойгу охирги икки кунда жангариларнинг катта миқдордаги позициялари аниқланганини айтди.

"30 сентябрдан бери жангариларга тегишли 19 та бошқарув пункти, 12 та ўқ-дори омбори, 71 та зирҳли техника, портловчи қурилмалар ишлаб чиқарувчи 6 та завод ва устахоналар йўқ қилинди", деб қўшимча қилиб ўтди Шойгу.

Шойгунинг айтишича, ҳарбий операцияда 23 та самолёт иштирок этмоқда.