Америкадаги 500дан зиёд йирик компаниялар солиқлардан қочиш мақсадида 2,1 трлн доллардан зиёд маблағларни хориждаги офшор ҳисоб рақамларида яшириб келмоқда. Ушбу маблағлар АҚШга қайтарилган тақдирда, умумий қиймати 620 млрд долларлик солиқлари тўланиши лозим.

Бу ҳақда 6 октябрь куни эълон қилинган “Фуқаролар адолатли солиқлар учун” нотижорат ташкилоти ҳамда “АҚШда фуқаролар кайфиятини ўрганиш бўйича тадқиқот гуруҳи” жамғармаси ҳамкорлигида тайёрланган тадқиқот натижаларида сўз боради.
Мазкур хулосалар компаниялар Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияга тақдим этган маълумотлар асосида ишлаб чиқилди.

Таҳлил ишларидан сўнг Fortune 500 – энг муваффақиятли фаолият олиб бораётган компаниялар рўйхатидаги ҳар учта фирманинг иккитаси Бермуд, Ирландия, Люксембург ва Нидерландия сингари мамлакатларда ўз маблағларини сақлаётгани аниқланди.
Бу каби компаниялар рейтингида биринчи ўринда Apple корпорацияси тилга олинди.

У офшорларда 181 млрд доллардан зиёд маблағларини солиқлардан яширган ҳолда асраб келмоқда. Ушбу маблағлар АҚШга кўчирилган тақдирда, мамлакат бюджетига 59,2 млрд доллар солиқ тўланади. Кейинги ўринда 18та хориж банкига 119 млрд доллар йўналтирган General Electric компанияси қайд этилди. Microsoft эса 108 млрд долларни солиқлардан “ҳимоялаб” келмоқда.

Тадқиқот муаллифлари АҚШ Конгрессини компанияларнинг солиқ юкларидан қочишига йўл қўймасликка чақирмоқда. Уларнинг фикрича, бу бюджетдаги етишмовчиликларни бартараф этиш, меҳнат бозоридаги ҳолатнинг яхшиланишига хизмат қилади.