6 октябрь куни Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жак-Анри Эльс билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция, технология, молия-технология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар асосий эътиборни 2015-2016 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш дастурида кўрсатиб ўтилган лойиҳаларни амалга оширишга француз компанияларини жалб қилиш масаласига қаратишди.

Учрашув якунларида 2015 йил 5-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Халқаро инвестицион форум, шунингдек, 2016 йил биринчи чорагида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия билан биргаликда ўтказиладиган навбатдаги йиғилишда француз бизнесининг кенг иштирокини таъминлаш бўйича келгусидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди.