“Тошкент ёғ-мой комбинати” ҳар бирининг номинал баҳоси 1750 сўм, умумий қиймати эса 2,6 млрд сўм бўлган 1526876 дона акцияни муомалага чиқаради. Бу ҳақда компания хабарида сўз боради.

Қўшимча акцияларнинг чиқарилиши эвазига муассаса устав капиталидаги давлат улушини 51 фоизга қадар камайтиришни мақсад қилган. Айни пайтда мазкур кўрсаткич 63,16 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелда қабул қилинган “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, мамлакатдаги етакчи ёғ-мой саноати муассасасининг бир қисм акцияларини хорижий инвесторларга сотиш белгиланган.

Пойтахт комбинати йилига 134 минг тонна уруғни қайта ишлаш қувватига эга. Муассасада пахта, соя, кунгабоқар ва махсар уруғларидан тозаланган ўсимлик ёғи, маргарин, техник ва озуқа қаттиқ ёғи (саломас), майонез, спрэдлар (ўсимлик ва жониворлар ёғи аралашмаси) ва бошқа ёғ-мой маҳсулотлари тайёрланади.